
Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино ҳақида жуда кўп рисолалар, мақолалар ва бадиий асарлар битилган. Улар орасида менга энг ҳақиқатга мос келади деб ишонганим — тарихчи-ёзувчи Л.Салдадзенинг “Ибн Сино” (буюк ҳаёт жараёнидан парчалар) асаридир. У фақат ишончга сазовор тарихий манбалар асосида битилган. Бу китоб 1985 йилда “Адабиёт ва санъат нашириёти”да чоп этилган.
Л.Салдадзе ёзади:
“Тарихчи олимлар, қадимда Сўғд элини ва ерларини эгаллаб, улар билан асрлар мобайнида яшаган эфталийлар ким бўлганликларини аниқлаш учун 150 йил изландилар ва ниҳоят 1959 йилда бир қарорга келдилар. А.Семёнов, Нельдеке, Гутшмидт ва Л.Гумилевларнинг улкан тадқиқотлари ва меҳнатлари эвазига эфталийларда ва туркийларда бир хил қон оқиши ва тиллари ҳам бир хил эканлиги аниқланди. Мелодий I асрда ҳозирги шимолий Хитой майдонида яшаётган ҳалқ яхшироқ жой қидириб, Эфтал дарёси бўйига келиб ўрнашди, ривожланди ва кўпайди. Уларни эфталийлар деб аташди. V асрда улар Сўғдга бостириб келиб ўрнашиб олган юечжиларни бу мамлакатдан қувиб чиқардилар ва сўғдийлар билан бирга даврон сура бошладилар. Эфталийлар ҳоқони Кийдор ўзи учун Боло шаҳри (Балх)ни пойтахт қилиб танлади. Бу масканда, асрлар оша, туркий тилда гаплашувчи эфталийлар ва уларнинг авлодлари турмуш кечирганлар. Ана шу воқеалардан тўрт юз йил ўтгач, Ибн Синонинг отаси Абдулла айни шу шаҳарда туғилган.
……..
Ибн Сино туғилган даврда Афшона, уни Афшина ҳам дейишган, қишлоғи аҳолиси туркий тилда мулоқот қилган…
978 йилда, ёш сомоний шоҳ Нуҳ ибн Мансур Балх шаҳрига борганда, унинг вазири Утбий бу ерда билимли ва ҳалол йигит бўлиб кўринган Абдуллани пойтахтга, сарой ишига олиб кетади. Чунки, вазирнинг кучли ва айёр душманлари бўлиб, у ўзи атрофига ҳалол ва ишончли одамларни йиғаётган эди. Йигитни омил – солиқ йиғувчилар бошлиғи қилиб тайинлайди. Бу вазифага айтилган хислатли одам зарур эди. Абдулла бу пайтда бўйдоқ бўлиб, Бухоро ва унинг атрофларида ўзига муносиб ёр қидиради. Ва, ниҳоят Афшона қишлоғидаги Ситора исмли қизга уйланади. Бу оила 980 йилда Абу Али ибн Сино номли коинот даражасидаги даҳони вужудга келтиради…”
Озод Мумин сахифасидан





