
ЎКИНЧ.
Йиллар югураркан, йилларни ютиб,
Замона дилларга сукут ташлади.
Долғали давронлар қалбни тарк этиб
Алп эрлар мудроққа кета бошлади.
Ўзгарди замона, ўзгарди одам,
Шижоат йўқолди, чеҳралар беғам,
Қизлардан дакки еб йигитлар бу дам
Қозига арзу-дод эта бошлади.
Орият уйқуда, ғурур чин етим,
Яшашчун минг турли йўл излар ҳар ким.
Аёли юрт кезса, эр ер чизиб… жим
Номусни ризқ билиб юта бошлади.
Чор атроф ҳасадгуй, чор атроф ғаним,
Сен дейсан: «Қорним тўқ-йўқ демак ғамим.»
«Энди ор суришми» — дейсан бир камим…
Кун ҳам, тун ғафлатда ўта бошлади.
Ғаюрлар юрарлар устингдан кулиб
Дейишар: «Бирлашмас булар эл бўлиб»,
Ёғийлар зўр юртни парчалаб бўлиб,
Адоват қиличин тута бошлади.
Эҳ элим кўзни оч, зотинг зўр ўтган,
Ожизлар чиқмаган асло бу юртдан.
Сенда алп қони бор, қара, ҳар четдан
Ҳар нокас сенга тош ота бошлади…